Қуйида бутун дунё бўйлаб соғлиқни сақлаш масалалари, можаролар ва табиий офатларни ёритган тажрибали журналистлардан олинган мумкин ва мумкин бўлмаган ишлар тўғрисидаги маслаҳатлар келтирилган. Улар “сўзсиз бажарилиши керак” бўлган талаблар эмас, балки сизга COVID-19 пандемияси билан боғлиқ маълумотларни тўплаш борасидаги ёндашувингизни такомиллаштириш ва ўзингизнинг айрим “илғор кўникмаларингиз”ни яратишингиз учун ёрдам берадиган озуқа, холос.
Қилиш мумкин бўлган ишлар
Воқеа жойига чиқишдан аввал
- COVID-19 муаммосини ёритишда юзага келиши мумкин бўлган хавф-хатарлар доирасини кўриб чиқинг. Буни оддий баҳолашдан бошлашингиз мумкин: масалан, “Воқеани шахсан ёритишим шартми?” Агар жавобингиз “ҳа” бўлса, унда тегишли хавфсизлик чораларини кўришингиз лозим, хусусан, масофадан туриб суратга олишнинг имкони бўладими?
- Агар сиз воқеа жойига бораётган бўлсангиз, зарур жиҳозларни олганингизга ишонч ҳосил қилинг. Улар сирасига интервью ўтказишда керак бўладиган N95 ниқоби, нитрил қўлқоп ва ҳимоя кўзойнаклари кириши мумкин. Шунингдек, бошқалар билан оралиқ масофани сақлашга эътибор беринг. Кийим ва жиҳозлар ҳам астойдил тозаланиши лозим.
- Тегишли давлат органлари ва соғлиқни сақлаш идораларининг тавсиялари, жумладан, ОАВ вакилларининг ҳаракатланишига доир сўнгги маълумотлардан бохабар бўлинг ва Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг кўрсатмалари билан мунтазам танишиб боринг.
- Маҳаллий қонунлардан хабардор бўлинг: айрим мамлакатларда “сохта хабарлар”ни тарқатганлик учун жавобгарлик ёки соғлиқни сақлаш соҳасидаги қонунлар мавжуд бўлиб, уларда ахборот тарқатганлик учун жиноий жавобгарликка тортиш ва ҳатто журналистларни ҳибсга олиш кўзда тутилган бўлиши мумкин.
- Касалликка чалиниш ёки ишлаётган жойингизни тарк эта олмай қолиш эҳтимоли учун захира режангиз бўлсин. Агар мумкин бўлса, бевосита раҳбарингиз ёки оилангизни режангиз ҳақида хабардор қилиб қўйинг.
Воқеа жойида
- Иложи бўлса, интервьюни ахборот технологияларидан фойдаланган ҳолда – телефон ва электрон почта орқали ўтказинг. Интервьюларни видео ва аудио хабарлар учун иловалар орқали ёзиб олинг.
- Мизинформация га қарши тура олмайдиган ташвиқотни бошлаш ёки такрорлашдан сақланинг. Ҳукумат брифингларини жонли равишда ёритиш ёки расмий шахсларнинг сўзларини келтириш аудиториянгизга сифатли ва фойдали маълумот тақдим этиш-этмаслиги тўғрисида ўйлаб кўринг.
- Турфа хил фикрларни тарқатишда эҳтиёткор ва холис бўлишга интилингШу тариқа ўз аудиториянгизга енгиб ўтилиши лозим бўлган тўсиқ ва ғовлар тўғрисида маълумот етказишда ёрдам берган бўласиз.
- Тақдим этаётган ахборотингиз кенг қамровли бўлиши учун барча томонларнинг фикрини ўрганинг. Ўзгалар ҳаётининг ижтимоий воқелигини ўрганиш турли томонлар тўғрисида батафсил тушунча ҳосил қилишга кўмаклашади.
- Жаҳолат, хурофот ва қўрқувни кучайтирадиган стереотиплардан, масалан вирусга “Хитой вируси” тамғасини босишдан сақланинг.
- Муаммоларни ўз номи билан аташ орқали оммага қайғуриш ва ўз ғазабини изҳор этиш имкониятини бериш ва эътиборни жабр кўрган барча жамоалар бошидан кечираётган инсоний фожиага қаратиш орқали содир бўлаётган воқеларга инсонпарварлик руҳини олиб киринг.
- Қийин саволлар беринг, одамларни олди-қочди гаплар билан ишонтиришга ҳаракат қилган сиёсий раҳбарлар баёнотларининг ҳақиқий мазмунини тушунтиришга ҳаракат қилинг
- COVID-19 билан боғлиқ муаммоларни ахборот узатишнинг янги қирраларини очадиган ва жамиятнинг яккаланган қатламларига ҳам ўз фикрини изҳор этиш имконини бера оладиган тарзда тақдим этинг. Масалага бошқача нуқтаи назардан қараш янгича ўйлашга туртки бериб, унинг ечимини топишда қўл келиши мумкин.
- Жумлалар, суратлар ва шахсий ҳаёт дахлсизлиги масаласида эҳтиёт бўлинг. Инсон ҳаёти хавф остида турганда, ҳақоратомуз сўзлар, ўйламасдан тузилган жумлалар ва одамни ҳижолатга туширишдан нарига бормайдиган тасвирлардан фойдаланишга йўл қўйманг.
Сўнгра
- Журналистларнинг интернетда таъқиб қилиниши кўп йиллик муаммо бўлса-да, бугунги кундаги чеклов чоралари ҳамда ижтимоий яккаланиш туфайли журналистика, асосан, интернет орқали юритилаётганини ҳисобга олиб, бу муаммо янги босқичга кўтарилганини инобатга олинг.
- Сурат ёки ҳикоялар сизга муайян даражада таъсир ўтказиши одатий ҳол эканини инобатга олинг ва миянгизни бир муддат “ўчириш”га ҳаракат қилинг: ташқарига чиқиш имкони бўлса, сайр қилиб келинг; акс ҳолда, сизни хурсанд қиладиган расмларга қаранг; медитация ёки ўз-ўзини англаш амалиётини синаб кўринг; комедия томоша қилинг ёки китоб ўқинг.
Қилиш мумкин бўлмаган ишлар
Воқеа жойига чиқишдан аввал
- Бу ҳаётни хавф остига қўйиш даражасидаги муҳим воқеа, деб ўйламанг.
- Йўқ жойдан муаммо келтириб чиқарманг. Ўзингизга савол беринг: хатти-ҳаракатингиз билан нафақат ўзингиз, балки атрофдагиларнинг ҳаётини ҳам хавф остига қўйсангиз, ўзингизни кечира оласизми?
- Агар сиз яшайдиган ҳудуддаги одамлар маълумот тўплаш учун ташқарига чиққан журналистлар ўзгаларнинг саломатлигига хавф туғдиради, деган фикр остида уларнинг фаолиятига қаршилик қилаётган бўлса, ўзингизни хавфга дучор қилманг.
- Ахборот илинжида ўз руҳий ва жисмоний соғлиғингизни қурбон қилманг. Агар раҳбар лавозимда бўлсангиз, қўл остингиздагилар ҳам буни тушуниб етишига ҳаракат қилинг.
- Ўз руҳий ва жисмоний саломатлигингизга лоқайд бўлманг. Тўйиб ухланг, тўғри овқатланинг, спиртли ва кофеинли ичимликларни ортиқча исетъмол қилишдан сақланинг, ҳам жисмонан, ишдан ҳам ақлан танаффус қилинг, янгиликлар ва ижтимоий тармоқларни ўчиринг, иложи бўлса, вақтингизни оила билан ва, масофадан бўлса ҳам, дўстларингиз билан ўтказинг.
Воқеа жойида
- Агар хавф гуруҳига кирувчи кишиларга хос касалликларга чалинган бўлсангиз, янгиликни воқеа жойидан ёритманг.
- Хабар тайёрлашда жабрланган жамоанинг хизматлари ёки таъминот воситаларига суянманг. Бу уларга нисбатан бўлаётган босимни янада кучайтиради. Бундай вазиятларда журналистлар ўзини-ўзи таъминлай оладиган бўлиши керак.
- Агар сиз ирқчилик ёки тамғалашга дуч келишингиз мумкин бўлса, янгиликни воқеа жойидан ёритишга шошилманг. Бу ишдан дарҳол воз кечиш лозимлигини англатмайди, аммо қандай муаммоларга дуч келишингиз мумкинлигини билиш ва ёрдам сўраш ҳеч қачон ортиқчалик қилмайди.
- Хабар тайёрлаш чоғида онлайн материал ва ёзувлардан фойдаланишингиз репортаж сифатига таъсир қилиши мумкинлигидан ортиқча қйғурманг. Хабарингиз барибир мукаммал чиқмайди. Ахборот тайёрлайдиганлар масофадан ишлаёттганини омма тушуниб тургани боис одамларни техник носозликлардан кўра хабарнинг долзарблиги кўпроқ қизиқтиради.
- Етиб бориш қийин бўлган ва яккаланган жамоаларни эътиборсиз қолдирманг.
- Янгиликлар бўлими раҳбари сифатида ўзингизни панага олманг. Аксинча, ҳамкасбларингизга ўрнак бўлинг. Иш тартиблари ва устуворликларни аниқ белгиланг. Воқеалар тез ўзгараётган бўлса-да, ишда имкон қадар шаффофликлни таъминланг.
Сўнгра
- Ҳамкасбларингизни қўллаб-қувватлаш ва уларга кўмаклашишни унутманг. Қўл остингиздагилардан мунтазам хабар олиб туринг. Агар аҳволи яхши бўлмаса, уларга ёрдам бериши мумкин бўлган манбаларни топишга кўмаклашинг.
- Вирусни, ҳукумат чора-тадбирларини, фонд биржаларини ва бошқаларнинг хатти-ҳаракатларини бошқара оламан, деб ўйламанг.
- Ўзингизни ҳаддан ортиқ яккаламанг. Бу катта муаммога айланиб, руҳий саломатлигингизга босим ўтказиши мумкин.
- Ўзингизни руҳан ёки жисмонан нохуш сезсангиз, таътил олишдан чўчиманг. Аслида, журналист сифатида биз кимдандир ёрдам сўрашни унчалик ҳам хуш кўрмаймиз.