Мантиқий Ёндашув
Мантиқ ақл-идрокка мурожаат қилади ва бу жараёндаги энг муҳим масала – далилларга асосланган маълумотларни тақдим этиш. Журналист сифатида биз доимо фақат далиллардан фойдаланамиз. Бироқ сохта хабарларнинг тез тарқалиши шундан далолат берадики, баъзан фақатгина мантиқ ва далилларнинг ўзи етарли эмас. Кўпчилик журналистлар далилларни текшириш ва ёлғонни фош этиш сохта хабарлар пандемиясига қарши туришда самара беради, деб ишонади. Бу янги далил ва маълумотларга дуч келган кам сонли одамларга нисбатан самарали бўлиши мумкин, аммо аксарият учун фактларнинг ўзигина кифоя қилмайди.
Мантиққа кўра, хабарни тайёрлашда ишни ўз аудиториянгиздан бошлашингиз лозим. Сиз ўзингизнинг эмас, балки уларнинг мантиқига асосланишингиз лозим. Аудитория нимага ишониши, одамлар гаплашадиган тил хусусиятлари ва уларга ёқадиган хабарларни ўрганинг. Омманинг мантиғидан фойдаланган ҳолда сиз уни ўз хабарларингизга ишонтириш учун яхшироқ имкониятга эга бўласиз. Масалан, расмий статистика долзарб бўлиб кўриниши мумкин, аммо омма ҳукуматнинг рақамларига ишонмаса, ўз стратегиянгизни қайта кўриб чиқишингиз лозим бўлади. Ҳар доим хабарни оммага мос келадиган сўзлар, формат ва тузилишда қайта тайёрлаш учун имконият бўлади.
Далилларни текшириш илғор журналистика учун зарур жиҳат бўлса-да, бу масала шу билан ҳал бўлди дегани эмас. Далилларни текшириш билимдаги камчиликлардан кўра кўпроқ нарсани намойиш этади. Ёлғон ёки текширилмаган фактлар орқали тарқатилган мизинформация ва дезинформация ҳам аудиториянгизнинг ҳиссий ҳолатини, у кимга ишониши ва маълумотларни қаердан олишини кўрсатиб беради. Булар сизга оммани ишонтира оладиган хабарларни тайёрлашингизда қўл келади.